ҲОЗИРГИ ЗАМОН ФРАНЦУЗ ТИЛИДА DANS ПРЕДЛОГИ АСОСИДА МАКОНГА ОИД МУНОСАБАТЛАРНИНГ ИФОДАЛАНИШИ
Мақолада ҳозирги замон француз тилидаги dans предлогининг шаклланиш босқичлари, шунингдек, унинг турли хил лингвистик луғатларда берилган маъновий ва лексик-семантик хусусиятлари тадқиқ қилинган. Француз тилшуносларининг dans предлоги ҳақида назарий қарашлари эътироф этилиб, предлогнинг ўрганилиш тарихи, фанга маълум бўлган тушунчалари, мазмун-моҳияти ҳамда муаммолари тўғрисида сўз юритилди. Француз тили предлоглари тўғрисидаги фикрларга асосланган ҳолда dans предлоги семантикаси, у англатган маъноларнинг модификацион хусусияти тўғрисида маълумот берилди. Мақоланинг методологик асосини умумийлик-хусусийлик, моҳият-ҳодиса, бутун-бўлак, имконият-воқелик диалектикасини эътироф этувчи таълимот ташкил этади. Ана шу методологияга таянган ҳолда ишда тавсифлаш, компонент таҳлил, қиёсий таҳлил усулларидан фойдаланилди. Dans предлоги сўз бирикмалари таркибида маконга хос хусусиятларини ифодалаш жараёнида ўзининг уч ўлчамли ифодаларини ҳосил қилади. Фанга маълум бўлган геометрик тушунча асосида унинг хусусиятлари уч гуруҳга ажратилди. Гуруҳларга ажратиш учун уларнинг чегаралари асосий вазифани ўтайди. Предлогнинг сўз бирикмалари таркибида объектни қамраб олиш хусусиятини намоён қилувчи уч ўлчамдаги макон тушунчалари бадиий асарлардаги мисоллар намунасида таҳлил қилинди. Француз ёзувчиси Стендальнинг «Le Rouge et le Noir» (Қизил ва Қора) асари ва унинг ўзбек тилидаги таржимаси мисолида предлогнинг маконга оид муносабатлари қиёсий ўрганилди. Тўпланган материаллар асосида dans предлоги маъноларининг нутқий модификацияси бўйича тегишли хулосага келинди. Мақолада келтирилган ҳозирги замон француз тилидаги dans предлоги ҳақидаги маълумотлар ушбу соҳада илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар учун муҳим манбалардин бири ҳисобланади.