Тил ва нутқ ўзаро узвий боғлиқ ҳамда мураккаб ҳодисалар бўлиб, артикуляцион, физиологик, руҳий, ижтимоий фаолиятлар натижаси ҳисобланади. Шу боис тил ва нутқ масалалари тилшуносликнинг ҳам, психологиянинг ҳам, методиканинг ҳам ўрганиш объекти саналанади. Тилшуносликда нутқ тилнинг маҳсули сифатида ўрганилса, психология нутқ жараёнининг индивид билан боғлиқ хусусиятларини ва физиологик механизмларини таҳлил қилиш билан шуғулланади. Боғланишли нутқ шаклидаги мулоқот жараёни мураккаб бўлиб, сўзловчи мулоқот юритиш учун миясида юзага келган фикрни тугал бир шаклда идрок қилиб олгач, уни ташқи нутқда ифода қилишга киришади. Шунга кўра, монологнинг ички ва ташқи турлари ажратилади. Нутқ аввалдан режалаштирилган ва тайёрланган бўлиши, айни пайтда у режалаштирилмаган ва, табиийки, тайёрланмаган нутқ бўлиши ҳам мумкин. Нутқнинг режалаштириш жараёни ички нутқ деб аталиб, унда сўзловчи ўзи ифода қилмоқчи бўлган фикрларга мос лисоний воситаларни танлай бошлайди. Ботиний ва зоҳирий нутқ тушунчалари қадимги Шарқ алломалари ҳамда қадимги грек файласуфлари асарларида ҳам ўзига хос ўрин тутган, ботиний нутқ зоҳирий нутқни тайёрлаб берувчи муҳим омил сифатида тавсифланган. Тилни ўрганиш жараёнида махсус ички нутқни ривожлантиришга эътибор қаратиш лозим, чунки ҳар қандай нутқ биринчи навбатда ички нутқдан бошланади, кейин у ташқи нутқда намоён бўлади. Ички нутқ фаолиятини ўрганиш, айниқса, иккинчи тилни ўргатишда муҳим аҳамиятга эга. Нутқнинг юзага келиши, аввало, унинг лингвистик жиҳатларига боғлиқ. Нутқ жараёнида тил материалларини ўзаро боғлиқ шаклда қўллаш талаб қилинади. Монолог нутқ — юқори даражада коммуникатив, маълумот берувчи бирлик ва ўз фикрларини маърузачи томонидан изчил ифода этиладиган фаолият. Психологик ва лингвистик нуқтаи назардан, нутқнинг бу тури диалогик нутққа қараганда анча мураккаброқ. Монологик нутқ кўникмаларига эга бўлиш бир вақтнинг ўзида ҳам мантиқий-психологик, ҳам лингвистик дастурнинг бажарилиши билан боғлиқ.